Конгресс Эроннинг БМТдаги янги элчисига АҚШ визасини бермаслик тарафдори

Ҳамид Абутолибий

Конгресс Эроннинг БМТдаги янги элчисига АҚШ визасини бермаслик ҳақидаги қонунни бир овоздан қўллаб-қувватлади. Қонун президент Обама имзосидан сўнг кучга киради.

Аввалроқ Сенат ҳам эронлик дипломат Ҳамид Абутолибийга виза бермасликни ёқлаб овоз берган эди. Қонун энди президент Барак Обама тарафидан кўриб чиқилиши керак.

Абутолибий 1979 йилда Теҳрондаги АҚШ элчихонаси биноси ишғол этилишига ва у ердаги 52 нафар дипломатнинг 444 кун давомида гаровда ушлаб турилишига алоқадорликда айбланмоқда.

Дипломат АҚШ элчихонасини гаровга олинишига алоқаси йўқлиги, бу воқеалар пайтида гаровгирлар учун фақат таржимонлик қилганини айтиб келади.

Президент Барак Обама маъмурияти 8 апрель куни Теҳронга Абутолибий номзодини маъқулламаслигини маълум қилган эди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг ушбу позициясини “номақбул”, дея баҳолади.