Қрим-татар Мажлиси лидери Путин фармонидан норози

Рефат Чубаров.

Қрим-татар халқи Мажлиси лидери Рефат Чубаров Россия президенти Владимир Путиннинг 21 апрель куни эълон қилинган қрим-татар халқини реабилитация қилиниши тўғрисидаги фармонига норозилик билдирди.

Унга кўра, мазкур фармон қрим-татарлар иштирокисиз тайёрланган. Чубаров фармонда қрим –татар халқининг репрессия қилиниши ортидан ноқонуний тарзда тугатилган Қрим-татар мухтор республикасини қайта тиклаш назарда тутилмагани норозиликка сабаб бўлаётганини айтди.

Совет ҳукуматининг 1944 йилдаги қарорига асосан қрим татарлари немис фашистлари билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб Қримдан Марказий Осиёга депортация қилинган эди.

Қримда 260 минг қрим татарлари истиқомат қилади. Бу эса Қрим аҳолисининг 14 фоизини ташқил этади.