Лавров Ғарбни Украинада "аксилконституциявий" ғалаён келтириб чиқараётганликда айблади

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатларини Украинада "аксилконституциявий тарзда режимни ўзгартириш" мақсадида ғалаён келтириб чиқараётганликда айблади.

24 апрель куни Москва Давлат халқаро муносабатлар институтида қилган чиқишида Лавров, шунингдек, АҚШ ва Европа Иттифоқини февраль ойида президент Виктор Янукович ҳокимиятдан қувилиши ортидан Украинада аскилконституциявий “рангли инқилоб” ясашга уринаётганликда айблади.

17 апрель куни Украина, Россия, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи қабул қилган битимга кўра, Украина шарқидаги ноқонуний гуруҳлар қуролларини топшириши ва эгаллаб олган ҳукумат биноларини бўшатиши назарда тутилган.

Украина, деди у, Россияга қарши “геосиёсий ўйинда шахмат тахтасидаги пиёда” сифатида ишлатилмоқда.

Айни пайтда, Лавровнинг айтишича, Россия Президенти Владимир Путиннинг Украина иқтисоди ва бу мамлакатга газ таъминотини барқарорлаштириш учун барча томонлар иштирокида маслаҳатлашувлар бошлаш тўғрисидаги таклифи Россиянинг хорижий ҳамкорлари томонидан қўллаб-қувватланган. Москва, деди у, "мазкур қувватлов яқин келажакда амалий ҳаракатлар билан амалга оширилишига" умид қилади.

Лавровнинг чиқишидан бир неча соат аввал АҚШ Президенти Барак Обама Россияни Женева келишувига амал қилмаётганликда айблади. Японияга қилаётган сафари давомида Обама, Россия битим шартларини бажармаса, Қўшма Штатлар “санкцияларни янада кучайтиради”, дея огоҳлантирди.