Донецкда россияпараст айирмачилар прокуратура биносига бостириб кирди

Украина шарқидаги Донецк шаҳрида 300га яқин россияпараст айирмачилар 1 май куни вилоят бош прокуратураси биносига бостириб кирди.

Намойишчилар бинони қуршаб турган полициячиларга қарата тошлар ирғитишди. Полициячилар бунга жавобан швоқинли граната ва кўз ёшини оқизувчи газ қўллашди.

Аввалроқ Украинанинг UNIAN агентлиги Россия байроқларини кўтариб олган намойишчилар шаҳар марказида тўпланиб, юришга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида хабар қилган эди.