Украина раҳбарияти бўхрон бўйича давра суҳбати ташкил этишни таклиф этди

Украина лидерлари мамлакатдаги бўхронга барҳам бериш йўлларини муҳокама қилиш учун давра суҳбати ташкил этиш кераклигини айтмоқдалар.

Ушбу ташаббус 8 май куни Бош вазир Арсений Яценюк ва муваққат президент Александр Турчинов тарафидан илгари сурилди.

Раҳбарларга кўра, халқаро медиаторлар иштирокида ўтадиган ушбу давра суҳбатига мамлакатдаги сиёсий кучлар ва барча минтақадан фуқаровий гуруҳлар таклиф этилади.

Таҳлилчиларга кўра, Украина раҳбарияти таклиф этаётган режа 8 май куни Европадаги Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти тарафидан тавсия этилган чораларга жуда ўхшашдир.

Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам Украинадаги бўхронга биргаликда барҳам бериш йўлларини муҳокама қилган эдилар.

8 май куни Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар, Россия Президенти Владимир Путиннинг чақириқларига қарамасдан, 11 майга белгиланган референдумни ўтказишларини эълон қилди.