Мариуполда жангда йигирма айирмачи ҳалок бўлди

Донецк вилоятининг Мариуполь шаҳрида Украина ҳарбийлари билан россияпарастлар ўртасида кечган жангда йигирма нафар айирмачи ҳалок бўлди.

УНИАН агентлиги хабарига кўра, ҳарбийлар милиция биносини айирмачилардан озод қилиш пайти икки ўртада жанг юзага келган.

Маҳаллий матбуот шифокорларга таяниб, отишма пайти яна икки киши ҳалок бўлгани ва саккиз одам жароҳатлангани ҳақида хабар қилди.

RT телеканалининг бош муҳарррири Маргарита Симоньян Твиттер орқали ёзишича, Мариуполдаги жангни тасвирга олиш пайти телеканал ходими жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Айни пайтда россияпарастлар "ҳукумат кучлари милиция биноси олдида тинч аҳолига қарата ўқ отаётгани" ҳақидаги иддаони билдиришди.