Украина ҳукуматининг амалдаги ва собиқ мулозимлари ўртасидаги музокараларга айирмачилар жалб қилинмади

ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швейцария Ташқи ишлар вазири Дидье Буркхальтер.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Украинада конституциявий ислоҳот ва мамлакат шарқидаги бўҳронни бартараф қилишга қаратилган миллий мулоқот бошланганини олқишлади. ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Швейцария Ташқи ишлар вазири Дидье Буркхальтер, 14 май куни Киевда ўтказилган давра суҳбати “конструктив ва амалий муҳокамалар учун имкон очиб берди ва минтақаларда ўзгаришларнинг амалга оширилишига замин яратди”, дея баён қилди.

Музокараларда Украина ҳукуматининг собиқ ва амладаги мулозимлари иштирок этди, лекин мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар жалб қилинмади.

Буркхальтер “барча томонлар иштирокидаги миллий мулоқот” 25 май кунига белгиланган президент сайлови олдидан сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшишига умид билдирди.

Украина муваққат президенти Олександр Турчинов амалдаги ҳукумат мулоқотга тайёр, лекин россияпараст исёнчиларнинг “шатажига” бўйсинмайди, дея таъкидлади.

Айни пайтда, Интерфакс агентлиги Украина Мудофаа вазирлигига таяниб, мамлакат шарқидаги Краматорск шаҳрида исёнчиларга қарши ҳуруж амалга оширилаётганини хабар қилмоқда.