Туркиядаги кўмир конида ҳалок бўлганлар сони 280дан ошди

Сом шаҳридаги конда қолиб кетган 120га яқин ишчининг тақдири борасида умидлар камаймоқда.

Туркиянинг энг йирик касаба уюшмаси мамлакат кўмир конларида рўй берган энг ҳалокатли портлаш боис 15 май куни иш ташлаш эълон қилди.

Иш ташлаш бошланган бир пайтда расмийлар ҳалок бўлганлар сони 282 кишига етганини тасдиқлади. Иш ташлаш Туркия бўйлаб норозилик кайфияти кучайган пайтга тўғри келмоқда. Мамлакат ғарбидаги Сом шаҳридаги конда қолиб кетган 120га яқин ишчининг тақдири борасида умидлар камаяётгани айтилмоқда.

Ҳарбий полиция конга киравериш жойини қуршаб олган ва фожиа қурбонлари яқинлари билан ишлаш учун руҳшунослар гуруҳи жалб қилинган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон 14 май куни фалокат рўй берган Сом шаҳрига сафар қилиб, порташ учун ҳукумат масъул деган айбловларни рад қилди.

Қурбонлар яқинлари Эрдўғонга норозилик ўлароқ, унинг машинасини уриб-тепиб, истефосини талаб қилди.

Анқара ва Истанбулда полиция 14 май куни Эрдўғон истеъфоси талаби билан уюштирилган норозилик иштирокчиларини кўз ёшини оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солди.