Украина шарқида тўқнашувлар давом этмоқда

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасидаги тўқнашувлар давом этмоқда.

16 майга ўтар кечаси Славянск шаҳри четида ҳукумат армияси айирмачилар эгаллаган позицияларни артилерия ёрдамида ўққа тутди.

Айирмачилар матбуот котибининг билдиришича, 15 май куни бошланган отишма Славянск шаҳри чеккасида жойлашган Андреевка ва Семёновка қишлоқлари ҳамда Красний Лиман шаҳри яқинида олиб борилмоқда.

16 май куни Донецкдаги айирмачилар етакчиси Сергей Здрилюк тарафидан бир неча кун аввал илгари сурган ултуматумнинг муддати тугаши кутилмоқда. Здрилюк ҳукумат кучларидан Донецкни тарк этишни талаб қилган эди.

Айни дамда Украина ҳукумати ўз хавфсизлик кучлари мамлакат шарқида россияпараст аирймачиларнинг иккита базасини йўқ қилганини айтмоқда.

Муваққат президент Олександр Турчиновнинг айтишича, ҳозирда ҳукумат қўшинлари Славянск шаҳри четидаги исёнчилар босиб олган телеминора атрофидаги беш километрлик ҳудудни ўз назоратига олган.