Беларусда таниқли фольклор хонанда Сидарович ўз уйида ўлик ҳолда топилди

Беларусда танилган фольклор хонанда Змитсер Сидарович Минскдаги уйида ўлик ҳолда топилди.

Марҳум ижодкорнинг дўстлари ва ҳамкасблари 19 май куни у икки кундан буён телефон қўнғироқларига жавоб бермаётганидан хавотир билдиришди. Шунингдек, хонанда белгиланган концерт дастурларидан бирига ҳам бормади. Натижада, уни қидириб Минскдаги квартирага борган қариндошлари Сидаровичнинг жасадини топишди. Ҳозир полиция тергов ишларини олиб бормоқда.

48 ёшда бўлган Змитсер Сидарович шоир, мусиқачи ва халқ қўшиқлари ижрочиси эди. У беларус тили ҳамда маданиятини сақлаб қолиш учун курашаётган ижодкорлардан бири эди.

У 1991 йилда мамлакатда танилган "Камелот" фольклор гуруҳини тузган. Шунингдек, халқ орасида танилган поэмалар жамланмасини чоп этган.

Сидарович Озод Европа/Озодлик радиоси Беларус хизмати маданий дастурларида ҳам фаол иштирок этган.