Россия Сурия бўхронининг Халқаро жиноий судда тафтиш этилишига қарши

Кремлнинг БМТдаги элчиси Россия Сурия урушини Халқаро жиноий судда тафтиш этиш бўйича Хавфсизлик кенгашига киритиладиган резолюция лойиҳасига вето қўйишини билдирди.

Элчи Виталий Чуркинга кўра, Франция таклиф этаётган резолюция лойиҳаси Суриядаги бўхронни сиёсий йўл билан ҳал қилиш уринишларига тўсқинлик қилади.

Ҳужжатда Сурияда рўй бергани иддао қилинаётган инсониятга қарши жиноятлар ва уруш жиноятларини Халқаро жиноий судда кўриб чиқиш таклифи илгани сурилган.

Франция ушбу резолюция лойиҳасини 22 май куни овозга қўймоқчи.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлмиш Россия Башар Ассад режимининг яқин иттифоқдошидир.

Сурия Халқаро жиноий судни ташкил этиш бўйича келишувга қўшилмаган. Шу сабаб суд прокурорлари Суриядаги вазиятни БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсатисиз тафтиш эта олмайдилар.