Ҳиндистоннинг янги бош вазири покистонлик ҳамкасби билан музокара ўтказди

Ҳиндистон Бош вазири Н.Моди (ч) ва Покистон Бош вазири Н.Шариф, Деҳли ш., 2014 йил 26 май.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўзининг биринчи иш кунида Покистон Бош вазири Навоз Шариф билан музокара ўтказди.

Қарийб бир соат давом этган музокара бошланишидан олдин Моди ва Шариф бир-бирини илиқ қутлаб, табассум билан суратга тушди.

Сўзлашувда қандай масалалар муҳокама қилингани ҳақида маълумот тарқатилмади.

Бу 2008 йилда покистонлик жанггарилар Мумбай шаҳрида 166 одамни отиб ўлдирган ҳужумдан кейин Ҳиндистон ва Покистон бош вазирлари ўртасида Деҳлида бўлиб ўтаётган биринчи учрашувдир.

Модининг Афғонистон, Бангладеш, Маврикий, Малдив, Непал ва Шри Ланка раҳбарлари билан ҳам юзма-юз учрашувлар ўтказиши режаланган.

Ҳинд миллатчиларининг Бхаратия Жаната партияси сайловда ғолиб чиққанидан кейин Нарендра Моди 26 май куни Ҳиндистон Бош вазири сифатида қасамёд қилди.