Бостондаги портлаш юзасидан ҳибс қилинган Қирғизистон фуқароси айбини тан олмади

Хайрулложон Матанов.

АҚШнинг Бостон шаҳрида 2013 йилда содир этилган портлаш юзасидан олиб борилаётган терговга тўсқинлик қилганликда айбланиб қўлга олинган қирғизистонлик Хайрулложон Матанов 4 июнда ўтган суд жараёнида ўзига билдирилган айбларни тан олмаслигини айтди.

Суд Хайрулложон Матановга тергов ва суд якунлангунига қадар ҳибсда сақлаш эҳтиёт чорасини белгилади.

23 ёшли Ҳайрулложон Матанов Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан бўлиб, 2010 йилда АҚШга кетган. У Бостон портлашларини уюштирганликда айбланаётган ака-ука Царнаевларнинг дўсти сифатида терговга тўсқинлик қилиб, Царнаевларнинг компьютеридан файлларни ўчириб юборганликда айбланиб 30 майда қўлга олинган.

Терговга тўсқинлик қилганликда айбланиб, Қирғизистон фуқаросидан ташқари яна уч киши, жумладан, икки қозоғистонлик ҳам ҳибс қилинган.

Ўтган йилнинг 15 апрелида Бостон марафони пайтида содир этилган портлашларда 3 одам ҳалок бўлган ва 250 одам жароҳатланган эди.

Портлашларни амалга оширганликда айбланган Темурлан Царнаев қўлга олиш жараёнида отиб ўлдирилган. Унинг укаси, 20 ёшли Жоҳар Царнаев эса айни пайтда ҳибсда сақланмоқда. Агар судда унинг айби тасдиқланса, у ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.