Оқ уй Беларус расмийларига қўлланилган санкцияларни яна узайтирмоқчи

Беларус президенти Александр Лукашенко Европанинг сўнгги диктатори сифатида кўрилади.

АҚШ президенти Барак Обама Беларусдаги демократик жараëнлар ва инсон ҳақларини бостириш учун масъул Минск расмийларига нисбатан жорий қилинган санкцияларни яна бир йилга узайтириш қарорида эканини билдирди.

Бу санкциялар Беларусда 2006 йил март ойида ўтказилган президент сайловларидан сўнг ўшандаги АҚШ президенти Жорж Буш томонидан жорий этилган эди.

Александр Лукашенко учинчи марта яна президентликка сайлангани эълон қилинган бу сайловлар мустақил халқаро кузатувчилар томонидан сохталаштирилган ва демократик стандартларга мутлақ мос эмас дея топилган эди.

2010 йилда Александр Лукашенко яна бир бор президентлик муддатини узайтирди ва бу сайловлар ҳам Ғарб кузатувчилари томонидан эътироф этилмади.