Ироқ парламенти мамлакатда фавқулодда вазият жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда

11 июнь куни Ироқ ва Шом ислом давлати гуруҳи жангарилари Тикрит шаҳрини ўз назоратига олди.

Ироқ парламенти сунний жангарилар ҳуружи авж олаётгани сабабли мамлакатда фавқулодда вазият жорий қилиш масаласини кўриб чиқади.

Ироқ Бош вазири Нури Маликий жангариларга қарши чора кўриш учун ўз ҳукуматига кенгроқ ваколатлар берилишини сўраб, чоршанба куни парламентга мурожаат қилган эди.

11 июнь куни Ироқ ва Шом ислом давлати гуруҳи жангарилари Тикрит шаҳрини ўз назоратига олди. Бир кун аввал сунний исёнчилар Мосул шаҳрини ҳам босиб олиб, 80 нафар туркияликни қўлга олган эди.

Жангарилар энди Бағдодга ҳужум бошлашларини билдирган. БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам 12 июнь куни Ироқдаги вазият муҳокамачига бағишланган йиғин ўтказилиши кутилмоқда. БМТ Бош котиби Бан Ки Мун халқаро ҳамжамиятни Ироқ билан бирдам бўлишга чақирди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Жен Псаки вазиятни “жуда жиддий”, дея атади ва Вашингтон Ироққа жангариларга қарши курашишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.