Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг янги тармоғи ишга туширилди

Янги газ қувури харитаси.

Хитой шимоли ғарбидаги Хоргос чегара ҳудудида янги газ қувурининг ишга тушрилиши муносабати билан 15 июнь куни ўтказилган тантанада сўзлаган Хитой миллий нефтгаз ширкати расмийси Чжан Пэн, мазкур қувур орқали октябрь оийдан бошлаб 14 миллиард кубометр газ етказиб берилишини айтди.

С тармоғи деб аталаётган янги қувур Туркман газини Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор вилоятига етказиб беради. Қувурнинг умумий қуввати йилига 25 миллиард кубометр газ етказиб беришга мослаштирилган.

Марказий Осиё-Хитой газ қувурининг А ва B тармоқлари қурилиши 2009 ҳамда 2010 йилларда якунланган эди. Бу тармоқ С йўналишига паралел равишда қурилган. D тармоғининг қурилиши эса жорий йил якунида бошланади. D тармоғи газни Ўзбекистон жануби, Тожикистон ва Қирғизистон шимоли шарқи орқали Хитойга етказиб беради.

Мазкур 4 йўналишдаги тармоқ тўла ишга туширилса, бу қувурлар орқали Хитойга экспорт қилинаётган газнинг 40 фоизи олиб ўтилади.