Ўзига ўт қўйган карманалик аëлнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда

Навоий вилояти, Кармана туманида яшовчи 34 яшар Матлуба Қосимова сешанба куни эрталаб соат 10 да ўзига бензин сепиб ëқиб юборди. Танасининг 70 фоизи куйган Қосимова Кармана туман Марказий касалхонасига ётқизилди.

Касалхона манбаларнинг Озодликка айтишича, беморнинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Улар Матлуба Қосимованинг нега ўз жонига қасд қилгани сабабини айта олмади.


Озодликнинг Навоий вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан биридаги манбаси ҳодиса тафсилотларини Озодликка айтиб берди:

- Қосимова Матлуба Рашидовна¸ 1979 йил Карманада туғилган¸ икки нафар фарзанди бор. Икки бор турмуш қурган. Ҳозирги турмуш ўртоғи 1980 йилда туғилган Қосимов Шавкат Шавқиддинович киракашлик билан шуғулланади. Биздаги оператив маълумотларга кўра воқеа 2014 йил 17 июн куни эрталаб соат 10 да содир бўлган. Чала ëнган Қосимова Кармана касалхонасига тез ëрдам билан етказилган. Воқеа юзасидан суриштирув кетмоқда. Ўзига қасд қилишга уриниш мотивлари ҳали аниқ эмас¸ деди Озодлик манбаси.

Ўзбеклар нега ўз жонига қасд қилади?

Жаҳон бўйлаб ҳар йили бир миллионга яқин одам ўз жонига қасд қилади. Бу рақамни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган йили 10 сентябр - ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш халқаро куни муносабати билан эълон қилган эди.

Бу ҳисоботга кўра ҳар 40 сонияда дунëда бир одам ўз жонига қасд қилмоқда.

Бу ҳақда бонг урган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобига кўра, йилига миллион киши ўзини ўлдирмоқда. Айни ташкилот мутахассислари кўп ҳолларда суициднинг олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайди.


Биров турмуш ташвишларига чидай олмасдан ўзини ўлдирган бўлса, яна бирови бадавлат бўлсада яшашдан мақсад топмагани учун жонига қасд қилмоқда.

Дунëдаги барча уруш талаш ва қотилликлар боис ўлганлардан кўра ўзини ўлдирганлар сони анча кўп экани аниқланган.

Ҳар 40 сонияда дунëда 1 киши ўзини ўлдириши баробарида 20 киши ўз жонига қасд қилишга уринади.

Ўтган ойда Ленинград вилоятида оилавий жанжал туфайли Ўзбекистоннинг икки фуқароси ўз жонига қасд қилди.

Дастлабки тергов нтижасида маълум бўлишича, 24 май куни йигит қаллиғининг оиласи ижарада турган уйга меҳмон бўлиб келган. Қизнинг онаси билан йигит ўртасида жанжал чиққан ва йигит аччиқ устида ўзини 9-қават ойнасидан ўзини ташлаб юборган. Воқеа жойига тез ёрдам бригадаси келган пайтда, йигит билан жанжаллашган 51 ёшли аёл ҳам ўзини ойнадан ташлаб нобуд бўлган.

Маълум бўлишича, аёл қизининг бу йигит билан турмуш қуришига қарши чиққан.


Ер учун куйган Ҳалима опа

Ўзбекистоннинг Нарпай туманидаги 70 ëшдан ошган Ҳалима опа ҳукумат ерини олиб қўйгани учун ўтган йил апрелида ўзига ўт қўйди. 35 фоиз танаси куйиб кетган Ҳалима опа ҳаëтини врачлар сақлаб қолди, аммо Ҳалима опанинг паймонасини тўлдириб жонига қасд қилишгача етказган омиллар барҳам топгани йўқ.

Нарпайлик Ҳалима опа ўзининг 70 йиллик ҳаëтида қийинчиликларни кўп кўрди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги очарчилик, етар етмас кунларда ҳам ўз жонига қасд қилишни xаëлига ҳам келтирмаганини айтади. Аммо оила боқаман, деб Россияга кетган икки ўғлининг бирданига ўлгани ва бу ўғиллар жасадини Россиядан келтириб, кўмиш учун 7 миллион сўм қарз ҳавола қилингани Ҳалима опа жонини халқумига келтирди. Оилани боқиб турган бир парча ернинг Нарпай туман ҳокимлиги тарафидан олиб қўйилганига норозилик ўлароқ, Ҳалима опа ўзини ëқди.

Мен еримни олиб қўйган ҳокимларнинг адолатсизлигига чидамасдан ўзимни ëқдим, дейди Ҳалима опа.

- Олти ойдан бери югураман. Булар "ерингни чорвачиликка айлантириб берамиз", деб айтишди. Ўтган йил кредит олсин, чорвачилик қилсин, деб қарорлар берилди.

10 гектар. Менинг оëғим синган эди. Оптималлаштириш қароридан сўнг бориб: “Менинг еримни нима қилдингизлар, қолдирдингизларми?”, десам, “Кетаверинг, сизнинг ерингиз қолган, сизнинг ерингизга тегмаймиз”, дейишди.

Шундан кейин олти ой қатнадим. Эртага келинг, индинга келинг, деди. Кейин қаëққа борсангиз боринг, деди.

Кейин мен Тошкентга қатнай бошладим. Деярли ҳар кун Тошкент-Самарқанд ўртасида қатнадим. Совуқларда сарсон-саргардон бўлдим.

Буни “Халқ сўзи” газетаси ҳам, бошқаси ҳам ҳаммаси билади. Лекин ҳеч ким ëрдам қилишни ўйламади.

"Халқ сўзи" газетасига, "Ҳуррият" газетасига бордим. Ҳамма матбуотга кириб чиқдим. Телевидениега бордим. Ҳеч ким ëрдам қилмади. Нима мен давлат жиноятчисиманми? Уларнинг ëзганининг ҳаммаси тўғрими? Мен қаерга борай? У бировнинг айтганини қилмаса. Россиядан иккита боламнинг ўлигини олиб келдим.

7 миллион қарз кўтариб болаларимнинг ўлигини олиб келиб кўмдим. Бошимда хўжайиним бўлмаса. Э, бошимдан нима савдолар ўтмади.

Қаранг, ҳозир ҳам туҳмат қилиб турибди. Тошкентга: “Келини билан уришган, шунинг учун ўзига ўт қўйган”, деб ëзипти.

Нима қилдим мен? Бу дунëда ҳақиқат борми ўзи, дейди Ҳалима Ўлжаева.

Ҳақиқат йўқ бўлса, бу дунëда яшаб нима қилдим, деган сабаб ўз жонига қасд қилиш механизмини ҳаракатга келтирувчи омил сифатида кўрилади.



2010 йил 14 январ куни икки боланинг онаси, Хоразм вилояти, Хива тумани “Ал-Хоразмий” ширкати “Чинобод” қишлоғида истиқомат қилувчи 1987 йилда туғилган Наргиза Оллоберганова ўз уйида ўзини осиб қўйди. Наргизанинг яқин танишлари оиладаги моддий муаммолар ва жанжаллар боис Наргиза ўзини ўлдирган дейди.

2010 йил 29 январь куни ўша Хива тумани Ғовук-кўл даҳасидаги Маҳлиё Раҳимбоева ҳам қашшоқлик боис ўзини ўлдиргани маълум бўлди.

Хива тумани Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган Юлдуз Иброҳимова ҳам қашшоқликка чидай олмасдан ўзини ўлдиришга қарор қилди. Юлдуз кўп миқдорда уйқу дорини ичиб қашшоқлик оламидан бира тўла қутулмоқчи бўлди. Етиб келган тез ëрдам врачлари Юлдузнинг ҳаëтини сақлаб қолишди.


Қишлоқдаги фожеа

Бундан 22 йил муқаддам ўзбек ëзувчиси Одил Ëқубов Москвадаги “Литературная газета” нашрида ана шу сарлавҳали мақолани эълон қилди. Мақолада ўзбек аëлларининг ўзига ўт қўйгани фактлари келтирилди.

Мақолада ўша пайтда Ислом Каримов раҳбар бўлган Қашқадарë вилоятининг ўзида 1987 йил давомида 36 аëл ўзини ëқиб юборгани айтилади. Айни вилоятда 1988 йилнинг олти ойида 30 нафар жонли машъала ловуллаб ëнгани факти ўша пайтдаги кўп миллионлик Литературная газета муштарийларини даҳшатга солган эди.

“Ўзбекистон адабиëти ва санъати” газетасининг 1988 йил 5 август сонида ëзувчи Саломат Вафо “Пўлат излардаги фожеа” мақоласини чоп қилади. Мақоладан иқтибос.

“16 яшар қиз Гулнора норма деб белгиланган 60 кило пахтани тезгина териб, уйига қайтиб кетмоқчи бўлди, аммо ўқитувчи Тоҳиржон унинг уйига кетишига изн бермади. Боз устига ëмон сўзлар билан ҳақоратлади. Бунга чидамаган Гулнора ўзини поезд остига ташлади”.

“Оғир темир ғилдираклар ўн гулидан бир гули очилмаган қизалоқнинг навқирон танасини босиб ўтди” дейилади Саломат Вафонинг бундан 22 йил олдинги мақоласида.


Фожеанинг давоми


Орадан шунча вақт ўтди. Ўзбекистондаги адолатсизликлар боис ўз жонига қасд қилганлар сони кўпайса кўпайди, аммо камаймади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Бу расман қайд қилинган рақам холос. Аммо кўп ҳолатда ўз жонига қасд қилиб ўлганлар расман қайд қилинмайди.

Урганчнинг Ғойбу қишлоғидаги Тўхтажон деган келин бевафо эрига исëн қилиб ўзига ўт қўйди. Обрўталаб қайнота эса, “келинимиз ëғ доғлайман деб куйиб қолибди”, дея марҳумни дафн қилди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари кўп холларда суициднинг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди.

- Бунинг учун эса, мамлакатда бу муаммони очиқ шаффоф муҳокама қиладиган матбуот, одамларни ўзини ўлдиришга мажбур қиладиган мулозимларни жазолайдиган мустақил суд тизими ва энг муҳими эҳтимолий ҳудкушларни қароридан қайтарадиган руҳшунослар маркази лозим, дейди Озодлик билан сухбатлашган соҳа мутахассиси.

Gallup ташкилоти тадқиқотига кўра, суицид шарқий Европада энг кўп кузатилади. Исломий давлатлар хусусан Қувайтда ҳудкушлик энг кам рўй беради.