Обама Конгресс вакиллари билан Ироқдаги сунний жангариларга қарши ҳарбий ҳаракат масаласини муҳокама қилди

АҚШ Президенти Барак Обама АҚШ Конгресси етакчиларини Оқ уйда қабул қилди.

АҚШ Президенти Барак Обама 18 июнь куни конгресс етакчиларини Оқ уйда қабул қилиб, Ироқдаги сунний жангариларга қарши ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш масаласини муҳокама қилди. Ироқда ҳарбий ҳаракат бошлаш учун президентнинг АҚШ Конгрессидан рухсат сўраши масаласи савол остида қолмоқда.

Учрашувдан кейин АҚШ Сенатидаги республикачилар етакчиси Митч МакКоннел мухбирлар олдида қилган чиқишида, Обама “амалга ошириладиган қадамлар учун биздан ваколат олишга эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблашини билдирди”, дея таъкидлади.

Вашингтон, Ироқ ҳукуматининг ҳарбий ёрдам сўраб, қилган мурожаатига жавобан ҳаводан зарба бериш масаласини кўриб чиқмоқда.

Вакиллар палатасидаги демократлар етакчиси Нэнси Пелоси эса, Обама Ироққа хавфсизлик борасида ёрдам кўрсатиш учун “қонун чиқарувчи органдан ваколат олиши” шарт эмас, дея баён қилди. Пелоси қандай чоралар кўриб чиқилаётганини аниқлаштирмади.

Лекин “The New York Times” газетаси Оқ уй вакилларидан иқтибос келтириб, Обама АҚШ Конгрессидан ваколат сўраши эҳтимолини инкор қилаётгани йўқ, дея хабар қилди.