Яшасин қирол: Филип VI Испания қироли тожини кийди

Қирол Филип VI отаси Хуан Карлос ўрнига тахтга ўтирди.

Филип VI расман Испания қироли, дея эълон қилинди. Отаси Қирол Хуан Карлос ўрнини эгаллаган Филип 19 июнь куни тахтга ўтирди.

46 ёшли Филип VI Испания парламентида ўтказилган маросимда конституцияга амал қилиши тўғрисида қасамёд берди. Филип Испанияга муҳаббат изҳор қилиб, мамлакат яҳлитлигига ишонишини билдирди. Испания шимоли-шарқидаги бадавлат Каталония вилояти мустақиллик масаласини референдумга олиб чиқишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Тож кийиш маросимидан кейин Қирол Филип VI Мадрид кўчаларига чиққан одамларни машинада қутлаб ўтди.

Испанияда иқтисодий қийинчиликлар давом этиб, тежамкорлик сиёсати олиб борилаётгани боис, маросим камтарона тарзда ўтказилди.

76 ёшли Хуан Карлос 46 йиллик иқтидордан кейин, 18 июнь куни тахтдан воз кечди. У Испанияни генерал Франциско Франконинг диктаторлик ҳукмидан чиқариб, демократияга ўтишида қўшга ҳиссаси учун испанлар орасида катта ҳурматга сазовор бўлган.

Кейинги пайтларда рўй берган бир қатор жанжаллар боис Испания монарх оиласи обрўйига путур етди.