Тожикистон махфий хизмати қўлга олинган тадқиқотчини ТВда кўрсатди

Тожикистон махсус хизмати томонидан жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган Канаданинг доимий турғуни Тожикистон фуқароси маҳаллий телевидение эфирида кўрастилди. Тожикистоннинг Хоруғ шаҳридаги маҳаллий телеканалда намойиш қилинган ва обдон монтаж қилингани кўриниб турган 10 минутлик видеолавҳада Александр Содиқов қўрқув ва саросимада эканини кўриш мумкин.

У ўзи олиб борган илмий иши ва Хоруғда маҳаллий мухолифат фаоли билан учрашгани ҳақида гапиради. Видеолавҳа Freedom House ташкилотининг Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Содиқовнинг қаерда ушлаб турилганини ошкор қилишга чақириши ортидан эфирга берилди.

Тожикистон Давлат хавфсизлиги қўмитаси 17 июнь куни Содиқов номи келтирилмаган мамлакат фойдасига жосусликда айбланиб, қўлга олинганини эълон қилган эди.

Ҳукуматнинг қатор расмийлари Содиқов озод қилинганини эълон қилди, лекин бу иддаолар ёлғон бўлиб чиқди.

31 ёшли Содиқов Тожикистон фуқаросидир, лекин Канадада доимий турғун мақомига эган. У Торонто Университети ва Британиядаги Эксетер Университетида докторликни ёқлаш учун Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилиб, материал йиққанини айтмоқда.