Афғонистон: Абдулла Абдулла командаси сайлов комиссияси аъзоларига қарши компромат ёйинлади

Зиёулҳақ Амархил.

Афғонистон президенти лавозимига номзод Абдулла Абдулланинг сайлов командаси Мустақил сайлов комиссиясининг юқори лавозимли мулозими сайловни гўё сохталаштирганини фош қилувчи аудиоёзувни ёйинлади.

Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулла Абдулла сайлов комиссияси ходимларини сайловнинг иккинчи даврасида натижаларни сохталаштиришга уринганликда айблади. 14 июнь куни бўлиб ўтган иккинчи даврада Абдулла Абдулла ва собиқ молия вазири Ашраф Ғани беллашганди.

Абдулла Абдулла сайлов комиссияси эълон қилажак ҳар қандай натижани тан олмаслигини билдирди ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини саналаётган овозлар устидан назорат ўрнатишга чақирди.

22 июнь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Абдулла Абдулла командаси Мустақил сайлов комиссияси (МСК) котиби Зиёулҳақ Амархил, комиссиянинг бошқа масъуллари ва Ашраф Ғани командаси аъзолари ўртасида бўлиб ўтгани иддао қилинган суҳбат аудиоёзувини тақдим этди. Ёзувда Амархайл экани даъво қилинаётган шахс Ашраф Ғани командаси аъзосини МСК ходимларидан унинг сайланиши учун фойдаланилишини айтиб, уни юпатишга уринаётгани акс этган.