“Эзгулик” жамияти раҳбари Қирғизистонга қўйилмади

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раисаси Васила Иноятова.

Европа сафари олдидан Қирғизистондаги ҳамкасблари билан учрашиш учун кеча оқшом Тошкентдан Бишкекка учиб келган “Эзгулик” жамияти раисаси Васила Иноятова мамлакат ичига қўйилмади.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, “Манас” аэропортидаги чегарачилар Васила Иноятовага Қирғизистонга кириши тақиқланганини айтиб, унга ўз юртига ёки учинчи мамлакатга учиб кетгунича транзит ҳудудида кутиб туришни тайинлашган.

Айни пайтда улар “Эзгулик” жамияти раҳбарига Қирғизистонга қўйилмаслик сабабини очиқлашмаган. Иноятованинг ҳамкасблари бу тақиқ 2010 йилдаги Ўш воқеаларидан кейин Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси олдида эзгуликчилар ўтказган норозилик тадбирлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Қирғизистонга қўйилмаган “Эзгулик” жамияти раисаси Васила Иноятова бугун Бишкек вақти билан эрталабки соат 7 га яқин Истанбулга учиб кетган.