Украина шарқида россияпараст айирмачилар билан ҳукумат кучлари ўртасида жанглар давом этмоқда

Украинанинг Луганск вилоятида россияпараст айирмачилар гуруҳи. 2 июль, 2014 йил.

Украина ҳукумати кучлари мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларга қарши ҳужумни давом эттирмоқда.

10 кун давом этган сулҳ муддати ҳафта бошида тугаши ортидан 3 июль куни давом этган жанглар пайтида Россия билан чегарада жойлашган пост ўққа тутилди.

Берлинда 2 июль куни Украина, Россия, Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари яна сулҳ ўрнатиш уринишларини давом эттириш ва 5 июль куни бу борада музокара бошлашга келишиб олди.

Айни пайтда, Украина Президенти Петро Порошенко мудофаа вазири лавозимига генерал-полковник Валерий Ҳелетейни тайинлади. Генерал-лейтенант Виктор Муженко эса бош штаб бошлиғи лавозимига тайинланди.

Бу ҳақда эълон қилган Порошенко “ўғри ва қаллоблар армиясини тозалаш”ни ваъда қилди. Ҳарбий раҳбариятга тайинланган мулозимлар парламент томонидан маъқулланди.