Эронда Facebook ёзишмалари учун 8 киши 11 йилдан 21 йилгача қамалди

Facebook тармоғида эронлик аёллар ҳижобга қарши ўтказган акциядан бир кўриниш.

Эрон суди 8 нафар ёш фаолни Facebook тармоғидаги ёзишмалари учун 11 йилдан 21 йилга қадар муддатга қамоққа ҳукм қилди.

Суд ҳайъати бу ёзишмалар мазмунини давлат тузумига қарши, деб топди.

IRNA агентлиги берган хабарга кўра, исми ошкор қилинмаётган фуқаролар бўйнига қўйилган айблов "миллий хавфсизликка таҳдид, давлат тузумига қарши тарғибот ва диний қадриятлар ҳамда Эрон етакчиларини ҳақорат қилиш" деб ифода қилинган.

Эронда ижтимоий тармоқлар, хусусан Twitter ва Facebook тармоқларидан фойдаланувчилар мунтазам назорат қилинади.

Мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний нисбатан мўътадил сиёсат юритиш ва ижтимоий тармоқлар устидан тотал назоратни юмшатишни ваъда қилган.

Аммо мамлакат бошқаруви муҳим бўғинларини қўлида сақлаб қолаётган анъанавий ва ўта консерватив диндорлар ўтган йили эронликлар катта умидлар билан сайлаган президент ташаббусларини инкор қилиб келмоқда.