Ироқ Курдистони лидери турк расмийлари билан учрашди

Ироқ курд мухтор ўлкаси раҳбари Масъуд Барзоний ва Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Анқара, 2014 йилнинг 14 июли.

Ироқ курд мухтор ўлкаси раҳбари Масъуд Барзоний Анқарада Туркия президенти Абдулла Гул ва ташқи ишлар вазири Аҳмет Довудўғли, кейин эса бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокаралар ўтказди.

Барзоний турк расмийларига ироқлик курдлар бир неча ой ичида мустақиллик бўйича референдум ўтказишни режалаётганини маълум қилди.

Унинг қайд этишича, Ироқ ва Шом исломий давлати жанггарилари айрим ҳудудларни эгаллаб олгани туфайли Ироқ ҳозир шундоқ ҳам бир неча бўлакка бўлиниб кетган.

Курд миллий озчилиги истиқомат қиладиган Туркия Ироқнинг ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолишини истайди, бироқ Ироқ Курдистони билан савдо-сотиқни ривожлантиришга қарши эмас.

Маълумотларга кўра, Эрдўғон ва Барзонийнинг Анқарада ўтган музокараларига Туркия энергетика вазири Танер Йилдиз ҳам қўшилган. Бу музокараларда Курдистон табиий заҳиралар вазири Ашти Ҳаврамий ҳам иштирок этгани айтилмоқда.

Туркия шу йилнинг май ойидан бошлаб Ироқ Курдистонидан нефть экспорт қила бошлаган. Анқаранинг бу қадами расмий Бағдод норозилигига сабаб бўлганди.