Москва метросида поезд изидан чиқиб кетди, ўнлаб одам қурбон бўлди

Москва метросида поезднинг 3 та вагони кутилмаганда изидан чиқиб кетди ва сўнгги маълумотларга кўра, 20 киши қурбон бўлган ва қурбонлар сони ошиши мумкинлигидан хавотир бор.

Камида 160 киши жароҳатланди. Шаҳар Соғлиқни сақлаш департаменти Москва шифохоналарига 108 киши эвакуация қилингани, жумладан 50 нафари оғир аҳволда қолаётганини хабар қилди.

Ҳозирча ҳодисада жароҳатланган ўзбеклар бўлганига оид маълумотлар йўқ.

Ҳодиса метронинг кўк рангли йўналишидаги "Победа парки" ва "Славянск хиёбони" бекатлари оралиғида 15 июль куни маҳаллий вақт билан тонгги соат 8:40 да содир бўлди.

Россия матбуотнининг ёзишича, тахминан 20 киши изидан чиқиб, ағдарилган вагонлардан бирида қамалиб қолган ва улар бир соат давомида қутқарилган.

Вазирликка қарашли 10 га яқин вертолёт ҳодиса жойидан жароҳатланган, жабрланганларни эвакуация қилишга жалб қилинган. 20 дан ортиқ тез ёрдам машинаси воқеа жойига етиб борган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳалокатга поезднинг кескин тўхташи ва натижада изидан чиқиб кетгани сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини айтмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, электр узатиш тармоғидаги кучланиш кескин ўзгариши натижасида поезднинг фавқулодда тўхташ механизми автоматик тарзда ишга тушиб кетган. Оқибатда, биринчи тўхтаган вагонга орқадан келаётган 2 та вагон келиб урилган. Поездлардан бири эса ағдарилиб кетган.

Шаҳар йўл-транспорт бошқармаси раҳбари Максим Ликсутов Москва метросида содир бўлган ҳалокат террор ҳуружи эмаслиги аниқ эканини расман таъкидлади.

Шунингдек, Youtube порталида дарҳол пайдо бўлган видеороликда поезд вагонларидан бирининг тутунга тўлгани ва қисқа фурсатда поезд бирдан тўхтагани акс этган.

Агар ҳодисага гувоҳ бўлган ёки гувоҳларни билган муштарийлар бўлса, Озодликка хабар йўлланг:

моб: +420 602 612 713 SMS ва қўнғироқлар
моб: +420 777 001 830 SMS ва қўнғироқлар
skype:ErkinMikrofon + ozodovoz
Whatsapp: +420 724 971 539

Тафсилотларни Озодликда кузатинг!