Ироқ парламенти сунний депутатни спикер қилиб сайлади

Ироқ қонунчилари сунний жамоадан депутат Салим ал-Жубурийни парламент раиси қилиб сайлади.

Ироқ ҳокимиятидаги 3 лавозим - бош вазир, парламент раиси ва президент лавозимлари мамлакатдаги шиа, сунний ва курд сиёсий кучлари ўртасида тақсимланади.

Раисни сайлаб олган парламент энди президент ва бош вазир лавозимини тақсимлаш бўйича муросага келиши керак.

Бугун Ироқ армияси мамлакат шимолидаги Тикрит шаҳрини "Исломий давлат" гуруҳи жанггарилари қўлидан олиш учун махсус амалиёт бошлади.

Хабарларга кўра, тушгача ҳукумат қўшинлари шаҳардаги бир қатор давлат идоралари, жумладан полиция академияси, ҳарбий шифохона ва Салоҳиддин вилояти маъмурияти биносини эгаллаган.

Июнь ойи ўрталарида Ироққа ҳужум қилган собиқ ИШИД - ҳозирда эса ўзини "Исломий давлат" деб атаган жангарилар гуруҳи 29 июнь куни бу ҳудудда халифалик эълон қилган.