Шимолий Вазиристонда маҳаллий толиблар ва ўзбек жанггариларидан 11 киши ҳалок бўлди

АҚШ учувчисиз учқичи.

19 июль куни АҚШ учувчисиз учқичи томонидан берилган ҳаво зарбаси натижасида Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош қабилалар минтақасида 11 нафар жанггари ҳалок бўлди.

Покистон махсус хизматлари ўлдирилганлар орасида толибларнинг “эътиборга молик” икки қўмондони борлигини маълум қилди, бироқ уларнинг шахсини очиқлашдан бош тортди.

Покистонлик толиблар мазкур дрон ҳужумида панжоблик толиблар ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггарилари ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Ҳаво зарбаси покистонлик ҳарбийлар Шимолий Вазиристонда толиблар ва бошқа жанггариларга қарши ҳужумларни давом эттираётган бир паллага тўғри келди. Эслатиб ўтамиз, маҳаллий ҳарбийлар бу минтақада май ойи охиридан бери амалиёт ўтказмоқда.

Шимолий Вазиристон узоқ йиллар мобайнида исломий жанггарилар, шу жумладан Ал-Қоида, маҳаллий Таҳрики Толибон ва Ўзбекистон Исломий ҳаракати каби чет эллик жанггариларга қароргоҳ вазифасини ўтаб келган.