Қирғизистон Божхона Иттифоқига беш йилдан кейин қўшилади

Қирғизистон расмийлари Россия етакчилигидаги Божхона Иттифоқига қўшилишга тайёргарлик жараёнини якунлаш учун 2020 йилга қадар вақт талаб қилинишини айтмоқда.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тайирбек Сарпашев, Интерфакс билан суҳбатда, Бишкек мазкур тузилмага беш йил давомида амалга ошириладиган бир неча босқичда қўшилишни режаламоқда, дея таъкидлади.

Қирғизистон расмийлари Божхона Иттифоқига 2014 йил охирига қадар қўшилиш ниятида эканини айтиб келаётган эди.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар – Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва Беларус Президенти Александр Лукашенка билан Қирғизистоннинг бу тузилмага қўшилишига доир йўл харитасини 29 май куни имзолаган эди.

Қирғизистон ҳукуматининг 24 июль куни билдиришича, мамлакатнинг Божхона Иттифоқига қўшилиши масаласи эртага қирғиз ва қозоқ томонлари учрашувида муҳокама қилинади.