Исроил заҳирадан яна 16 минглик қўшинни сафарбарликка чақирди. Ҳалок бўлган фаластинликлар сони 1300дан ошди

Исроил 8 июль куни ҳарбий операция бошлаганидан бери сафарбар қилган заҳирадаги қўшинлари сони 86 мингга етди.

Исроил армияси Ғазо Минтақасида 23 кундан бери амалга ошираётган ҳарбий операцияни янада авж олдириш мақсадида заҳирадаги 16 минг қўшинни сафарбарликка чақирди.

Исроил 8 июль куни ҳарбий операция бошлаганидан бери сафарбар қилган заҳирадаги қўшинлари сони 86 мингга етди. Яҳудий давлати Ғазодаги операция Исроилга қарата ракета отаётган жангариларга қарши қаратилиганини айтмоқда.

Жанглар бошланганидан бери 1300дан ошиқ фаластинлик, асосан, тинч фуқаролар ҳалок бўлди. Яҳудийлардан 56 аскар ва уч фуқаро нобуд бўлди.

30 июль кунги ҳарбий ҳаракатларда камида юз фаластинлик, жумладан, қочқинлар учун бошпана сифатида ишлатилган БМТ тасарруфидаги мактаб ўққа тутилиши оқибатида 16 одам ҳалок бўлди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Исроилнинг БМТ мактабини ўққа тутганини “ярамас” ва “оқлаб бўлмайдиган” ҳаракат, дея қоралади.

Мактабнинг ўққа тутилишини АҚШ Давлат департаменти ҳам танқид қилди, лекин Исроилни тилга олмади.

Исроил ўз қўшинлари мактаб яқинидан отилган ракеталарга жавоб қайтарганини айтмоқда.