Украина парламенти Яценюк истеъфосини қабул қилмади

Арсений Яценюк 24 июль куни истеъфога кетишини эълон қилган эди.

Украина парламенти бош вазир Арсений Яценюкнинг истеъфосини қабул қилмади.

Парламентда 31 июль кунги овоз беришда 311 депутатдан атиги 16 нафари Яценюкнинг истеъфосини маъқуллади. Парламент Яценюкнинг истеъфога кетиш аризасини рад этишдан аввал бош вазирнинг мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачиларга қарши ҳарбий амалиёт учун қўшимча маблағ ажратиш сўровига доир қонунни маъқуллади.

Яценюк 24 июль куни коалицион ҳукуматдан икки партия чиқиб кетиши ортидан истеъфога кетишини эълон қилган эди. Унинг истеъфоси парламент томонидан қабул қилиниши керак эди.

Президент Петро Порошенко парламент ишини давом эттира олиши учун депутатлар ва ҳукуматни муросага келишга чқирган эди.