Ғазода яна БМТ мактабини ўққа тутган Исроил оташкесим эълон қилди

Исроил ҳарбийлари Ғазо минтақасининг аксар қисмида бир томонлама 7 соатлик оташкесим эълон қилди.

Бу қарор исроиллик ҳарбийлар 4 август куни тонгда БМТнинг Ғазодаги яна бир мактабини ўққа тутгач, халқаро майдонда кўтарилган норозилик ортидан қабул қилинди.

Айни пайтда оташкесим Исроил ҳарбийлари амалиётлари давом этаётган ҳудудлар, хусусан Ғазо жанубидаги Рафоҳ шаҳарчасида қўлланмаслиги айтилди.

Аммо фаластинлик шифоркорларнинг айтишича, маҳаллий вақт билан эрталабки соат 9 да бошланиши эълон қилинган оташкесимдан бир неча дақиқат ўтар-ўтмас Шати қочқинлар лагеридаги бинога ҳаводан бомба ташланган. Натижада, 30 киши жароҳатланган.

Ҳамас ҳаракати оташкесим таклифини қабул қилмаган ва минтақа аҳолисини "ташқарига чиққанда ўта эҳтиёт бўлиш"га чақирган.

Сўнгги ҳаво ҳужумлари пайтида "Исломий жиҳод" гуруҳининг минтақада бўлган қўмондонларидан бири Даниел Мансур ҳам ўлдирилгани хабар қилинди. Бу қўмондон Ҳамас гуруҳининг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида Ғазода Исроил ҳарбийларига қарши жанг ҳаракатларида иштирок этаётган эди.