Шинжонда соқолли ва ҳижоблиларнинг автобусга чиқиши тақиқланди

Хитой маъмурлари Шинжон уйғур минтақасида узун соқол қўйган эркаклар ва ҳижобли хотин-қизларнинг автобусга чиқишини тақиқлади.

Биринчи галда шимол-ғарбий Қарамай шаҳри аҳолисига тааллуқли бўлган бу тақиққа мувофиқ¸ бундан буëн бошига рўмол ëки шарф ўраган¸ ëпинчиқ ташлаган ëхуд ислом рамзи бўлган ҳилол сурати туширилган кийим кийган хотин-қизлар ва узун соқол қўйган эркаклар автобусга чиқарилмайди.

Шинжон мухтор минтақасида кейинги йилларда Хитой мустамлакасига қарши курашаëтган турли гуруҳлар фаолияти давом этмоқда ва кейинги ойларда Пекин ҳукуматининг махсус лойиҳасига кўра уйғур ерларига оммавий кўчириб келинаëтган ханларга қарши қатор ҳужумлар амалга оширилди.

Хусусан¸ ўтган ҳафта уйғур гуруҳларининг полиция бўлими ва ҳукумат биноларига қарши амалга оширган ҳужумлари давомида 100 га яқин одам нобуд бўлди.