Курд аскарлари Эрбилни Исломий давлат жанггариларидан мудофаа қилишга уринмоқда

Курд пешмергалари.

Бугун Курдистон мухтор минтақаси маркази Эрбилдан 40 километр масофада курд армияси ва ўзини эндиликда Исломий давлат деб атаëтган жанггарилар ўртасида жанглар бормоқда.

Ҳафта давомида исломий жанггарилар бошлаган кенг кўламли ҳужумлар курд расмийларини шиалар етакчилигидаги Бағдод ҳукумати билан ҳарбий ҳамкорликни қайта ўрнатишга мажбур қилди.

Бу ҳамкорлик доирасида Ироқ ҳукумат кучлари курд пешмерга жангчиларига ҳаводан туриб мадад бермоқда.

Ироқ телеканалларига кўра¸ ҳукумат кучларининг жанггарилар қароргоҳига айланган Мосул шаҳрига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида исломий давлатнинг 60 жанггариси ўлдирилган.

Бу ҳудудда журналистлар йўқлиги боис¸ мазкур ахборотни мустақил манбалар томонидан тасдиқлаш имкони йўқ.

Бугун курд жангчилари етакчиси Жаббор Явар¸ Синжар яқинидаги тоғларда Ироқдаги язидий диний жамоасининг исломий давлат зулмидан қочган 50 мингга яқин вакили жон сақлаëтгани ва зудлик билан ëрдам кўрсатилмаса¸ бу жамоанинг очликдан ўлишини билдирди.

Исломий давлат жанггарилари зардуштийликка боғланувчи язидий курдларни шайтонга сиғинувчилар деб эълон қилиб¸ уларнинг қирғин этилишини билдирган.

Amnesty International ташкилоти исломий жанггарилар Ироқ ҳудудларини ўз назоратига олганидан бери мамлакатда гуманитар бўҳрон бошлангани¸ юзлаб одамнинг бедарак йўқолиб¸ ўлдириб юборилганини билдирди. Йўқолган ва ўлдирилганларнинг аксарияти язидийлар экани айтилмоқда.