Исроил ва ХАМАС 5 кунга ўт очишни тўхтатиб туришга келишиб олди

Фаластин делегацияси раҳбари Аъзам ал-Аҳмад Мисрда журналистлар саволларига жавоб бермоқда.

Исроил ва ХАМАС Ғазода яна 5 кеча-кундузга ўт очишни тўхтатиб туришга келишиб олди.

Лекин, томонлар ўртасида воситачилик қилаётган Миср вакилининг айтишича, Ғазо минтақаси ва унинг атрофидаги вазиятни изга солишга оид узоқ муддатга мўлжалланган келишувга ҳозирча эришилгани йўқ.

14 августгача эълон қилинган сулҳ битими муддати якунланишидан олдин Исроил полицияси Ғазодан Исроилга ракета отилганини маълум қилган. Исроил мудофаа вазири Моше Яалон эса сешанба куни қуролли кучларга жангларни давом эттиришга тайёр туришлари ҳақида кўрсатма берган.

ҲАМАС Исроил ва Миср Ғазо минтақасини денгиздан қамал қилишни тўхтатишини талаб қилмоқда. Исроил эса Ғазо қамали очилса ҲАМАС қўшимча қуроллар сотиб олиш имкониятига эга бўлишидан ташвиш билдириб, бу талабга қарши чиқмоқда.