Ўзбекистонда тадбиркорларни хайрияга мажбуран жалб қилиш тақиқланди

Ўзбекистон ҳукумати ўз қарори билан тадбиркорлик субъектларини хайрия ҳамда пул ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилишни тақиқлаб қўйди.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги бир қатор ахборот агентликлари хабар тарқатди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида тадбиркорлик субъектларини хайрияга мажбурлаш маън этилиши, улар ўз ёрдамини фақат қонунчиликда кўзда тутилгани каби ихтиёрий ва беғараз йўсинда кўрсатиши мумкинлиги ҳамда бу ёрдам мақсадга мувофиқ сарфланиши лозимлиги қайд этилади.

Қарорга мувофиқ, бюджет ташкилотларига хайрия ёрдами кўрсатган тадбиркорлик субъектлари мазкур ёрдам воситасида амалга оширилаётган ишнинг исталган босқичида маблағларнинг мақсадга нақадар мувофиқ ишлатилаётганини текшириш ҳуқуқига эга.

Ҳукумат қарорида тадбиркорлик субъектларини хайрия тадбирларига мажбуран жалб қилган давлат бошқаруви органлари, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва бюджет ташкилотлари раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ равишда жавобгарликка тортилиши ҳам таъкидланган.