Обама: АҚШ кучлари Ироқда Америка манфаатларини ҳимоя қилмоқда

АҚШ президенти Барак Обама Ироқ ҳарбийларига мамлакатдаги энг йирик тўғонни қўриқлашда ёрдамини кучайтирган АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари бу минтақада Америка манфаатларини ҳимоя қилаётганини таъкидламоқда.

Обама 17 август куни АҚШ конгрессига йўллаган мурожаатида Мосулдаги тўғонга зарар етса, Ироқдаги АҚШ манфаатлари – АҚШ ҳарбийлари, давлат хизматчилари ва хусусан, Бағдоддаги АҚШ элчихонаси таҳдид остида қолиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

Шунингдек, АҚШ президенти мамлакатдаги кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳаёти ҳам хавф остида қолиши мумкинлигини таъкидлади.

АҚШ Ироқдаги курд кучларига мамлакат шимолидаги йирик тўғон устидан назоратни тиклашда ёрдам бериш учун ўз ҳарбий ҳаво кампаниясини кенгайтирган.

Ироқдаги курд расмийлари 17 август куни АҚШ ҳаво зарбалари билан дастакланган Пешмерга жанггарилари аввал Ироқ ва Шом ислом давлати жанггарилари қўл остида бўлган Мўсул тўғонининг анча қисмини ўз назоратига олгани ҳақида билдирди.

АҚШ расмийларига кўра, курд жанггариларига кўрсатилаётган ёрдам миссияси давомийлик ва ҳажм жиҳатдан “чекланган” бўлади.