FIDH Украина шарқида инсон ҳуқуқлари бузилишидан хавотирда

Сўнгги ойларда Украина шарқидаги кўплаб ҳудудлар том маънода олов ичида қолган.

Турли мамлакатлардаги 178 та ташкилотни бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) Украинада юзага келган вазият юзасидан ташвиш изҳор қилди.

“Украина ҳарбийлари ва россияпараст қуролланган гуруҳлар ўртасида асосан мамлакат шарқида содир бўлаётган тўқнашувлар туфайли тинч фуқаролар мураккаб вазият қаршисида қолди”, дейилади ташкилот ҳисоботида.

FIDH вакиллари ўз ҳисоботида бу ҳудудда содир этилаётган одам ўғирлаш, асоссиз қўлга олиш, қийноқ ва таҳдид каби ноқонуний хатти-ҳаракатлардан баҳс этади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари уруш кетаётган ҳудудда ишлаш учун ҳеч ким хавфсизлик кафолатини бермаётгани туфайли бу ерда фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини яқиндан кузатиб бориш имконияти йўқлигини, у ёққа етиб бориш қийинлашганини, ноқонуний хатти-ҳаракатлардан жабрланган одамлар эса ҳақиқатни айтишдан қўрқаётганларини қайд этадилар.

Халқаро федерация ҳисоботида Украинада ўзаро урушаётган ҳар иккала томон олиб бораётган ахборот уруши ҳақида ҳам сўз боради.