Хамза тумани номини ўзгартириш масаласи парламентда муҳокама қилинмоқда

Олий Мажлис сенаторлари парламентнинг бугун очилган XV ялпи мажлисида бошқа масалалар қаторида Тошкент шаҳри Хамза тумани номини ўзгартириш масаласини кўриб чиқади, деб хабар қилди таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган сайтлар.

Туманнинг янги номи қандай бўлиши ялпи мажлис якунида маълум бўлиши, мажлис эртага якунига етиши хабар қилинди.

Айтилишича, Хамза тумани бундан буён Яшнобод, деб аталиши ҳам мумкин.

Мазкур масала парламент ялпи мажлисига қўйилиши арафасида, унга информцион тайёргарлик ҳам амалга оширилди.

“Халқ сўзи” газетаси куни кеча Тошкентдаги Ҳамза тумани номини ўзгартириш таклиф қилинган мақолани чоп қилди. Профессор Муҳаммад Қуронов қаламига оид ушбу мақолада адиб, маърифатчи ва драматург Ҳамза тимсолининг шўро тарихчилари томонидан сохта доҳийга айлантирилгани даъво қилинди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Ҳамзага бўлган эътибор сусайгани кузатилди. Тошкентдаги академик театрдан Ҳамза номи олиб ташланди. Маданият соҳасидаги Ҳамза мукофоти бекор қилинди. Адабиëтшунослик асарларидан ҳам “Ҳамза ўзбек адабиëти асосчиси" деган жумла бадарға қилинди.

Совет даври арбобларини унуттириш тадбирлари Ўзбекистонда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билангина чекланмагани кузатилади.

Ўзбекистонда генерал Собир Раҳимов номи ва ҳайкалларидан воз кечилгани ҳамда халқлар дўстлиги рамзи ҳисобланган темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ҳайкали шаҳар ташқарисига бадарға қилингани бунинг далилидай туюлади.