НАТО Шарқий Европада бир неча минг кишилик тезкор кучларни ташкил қилиши мумкин

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен жорий ҳафта ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларидан Шарқий Европада тезкор жавоб кучларини ташкил қилиш масаласини кўриб чиқиш сўралади, дея билдирди. Расмуссен бундай тезкор кучлар НАТО давлатлари ўзларини ҳимоя қила олишлари учун зарур, дея таъкидлади.

НАТО раҳбари 1 сентябрь куни Брюсселда қилган чиқишида тезкор кучлар бир неча минг қўшиндан иборат бўлиб, ташкилотга аъзо 28 давлат тарафидан навбатма-навбат юборилиши мумкин, дея билдирди.

Ҳаво ва денгиз қўшинларидан иборат бўлган тезкор кучлар фавқулодда ҳолатларда “қисқа муддат ичида” жойларга ташланиши мумкин, деди Расмуссен.

Расмуссен НАТО 1997 йилда Россия билан имзолаган келишувни бузмаслиги ва Шарқий Европадаги ҳозирлигини чеклашда давом этишини билдирди.

4 сентябрь куни Уэльсда бошланадиган НАТО саммитида Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.