БМТ кенгаши уруш жиноятларига оид хабарларни текшириш учун Ироққа миссия йўллайди

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши “Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари айбланаётган шафқатсиз жиноятлар тўғрисидаги хабарларни воқеа жойида текшириш учун Ироққа ошиғич миссия йўллаш қарорини маъқуллади.

Қабул қилинган резолюцияда ҳуқуқни ҳимоя қилиш кенгаши аъзолари асосий инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳамда “уруш олиб бориш қоидалари”нинг мунтазам равишда суиистеъмол қилиниши ва бузилишини ўта қаттиқ қоралашлари баён қилинган. Шунингдек, ҳужжатда жанггарилар томонидан амалга оширилаётган мазкур ҳуқуқбузарликлар ҳарбий жиноят ва инсонийликка қарши жиноят ўлароқ малакаланиши мумкинлиги айтилган.

Ҳуқуқ фаоллари қотиллик, зўрлаш, одам ўғирлаш, одамлардан қул сифатида фойдаланиш ҳамда ҳарбийлар ва дин арбобларини аёвсиз жазолаш ортида турган одамларни жиноий таъқиб қилиш зарурлигини билдирмоқдалар.

БМТ кенгаши Ироқ расмийларидан ҳам “Исломий давлат” гуруҳи аъзоларига қарши курашда инсон ҳуқуқларига, мамлакатда дин эркинлигига риоя қилишни унутмасликни сўрайди.

Ироқ расмийлари душанба куни ҳарбийлар ва ҳукуматни дастакловчи кучлар “Исломий давлат” гуруҳи жанггариларини улар томонидан аввал эгаллаб олинган Сулаймон Бек ва Зумар шаҳарларидан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлганларини маълум қилган.

“Исломий давлат” гуруҳи ҳозирги пайтда Ироқ шимолидаги катта ҳудудни ва Сурия шимолий-шарқидаги айрим ҳудудларни ўз назорати остида тутиб турибди.