Россия ШҲТга раисликни қабул қилди

Россия Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилиб олди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг матбуотга маълум қилишича, ШҲТ саммитида кейинги бир йил давомида ташкилотга раислик қилишни Россияга топшириш борасида қарор қабул қилинган.

Президент Путин кейинги бир йил давомида ШҲТ доирасида 100дан зиёд тадбир ўтказиш режалаштирилаётганини таъкидлади.

11 сентябрь куни Душанбеда бошланган икки кунлик ШҲТ саммитига Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон президентларининг барчаси йиғилди.

Саммитда иштирок этаётган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов сўнгги олти йил ичида Душанбега илк бор ташриф буюрди. Таҳлилчилар Каримовнинг ташрифи икки давлат ўртасидаги ўта совуқ муносабатларнинг яхшиланишига туртки бўлиши мумкин, демоқда.

ШҲТ саммити Россиянинг Ғарб давлатлари билан муносабатлари совуқлашиб, сиёсий вектор диққатини Осиёга бураётган пайтга тўғри келмоқда.

Душанбе йиғинига Эрон ва Мўғилистон етакчилари ҳам келиб, саммит ташқарисида ШҲТ етакчилари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Эрон ва Мўғилистон ҳамда Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ШҲТда кузатувчи мақомига эга.

ШҲТнинг кейинги саммитини 2015 йилнинг июль ойида Россиянинг Уфа шаҳрида ўтиши маълум қилинди.