Россиядаги сайловларда ҳукмрон партия номзодлари пешқадамлик қилмоқда

14 сентябрь куни Россия бўйлаб ўтказилган маҳаллий ва вилоят бошқарув кенгашларига сайловларда, дастлабки маълумотларга кўра, “Единая Россия” ҳукмрон партиясидан бўлган номзодлар ғалаба қозонди.

Приморск ўлкасидаги сайлов ташкилотчилари “Единая Россия”дан бўлган губернатор вазифасини бажарувчи Владимир Миклушевский 77 фоиз овоз олганини таъкидлаганлар. Олтой ўлкасида эса ҳукмрон партиядан номзод бўлган Александр Карлин 75 фоиз овоз олган. Шунингдек, Красноярск ўлкаси губернатори вазифасини бажарувчи Виктор Толоконский 60 фоиз овоз олгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, Украинадан аннексия қилинган Қримда ўтказилмиш сайловларда, маълумотларга кўра, “Единая Россия” 70 фоиз овоз олган. Расмий Киев Қримда ўтказилган бу сайловларни ноқонуний, деб ҳисоблайди.