Еврозона иқтисодий кўрсаткичлари аввал башорат қилинганидан пастроқ бўлади

ИҲТТ еврозона иқтисоди жорий йилда атиги 0,8 фоиз, 2015 йилда эса 1,1 фоизга ўсишини башорат қилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) 2014 ва 2015 йилларда еврозона мамлакатларида иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари аввал башорат қилинганидан пастроқ бўлишини айтмоқда. Маркази Парижда жойлашган ташкилот дефляция хатарининг олдини олиш учун Европа Марказий банкини агрессив чораларни кўришга чақирди.

Жорий ҳафта Австралияда Катта 20 мамлакатлари молия вазирлари ва марказий банк раислари иштирокида бўлиб ўтадиган йиғин олдидан Европа Марказий банки иқтисодий ўсишига туртки берувчи чораларни кўриш борасидаги босимларга учрамоқда.

ИҲТТ 15 сентябрь куни эълон қилган ҳисоботга кўра, еврозона иқтисоди жорий йилда атиги 0,8 фоиз, 2015 йилда эса 1,1 фоизга ўсиши башорат қилинган.

Шу йилнинг май ойида ИҲТТ 2014 йилда еврозона иқтисоди 1,2 фоиз, 2015 йилда эса 1,7 фоиз ўсишини тахмин қилган эди.