АҚШ учқичлари Бағдод яқинида "Исломий давлат" позицияларини ўққа тутди

АҚШ ҳарбийлари пойтахт Бағдод яқинида жангари гуруҳ позицияларини биринчи марта нишонга олмоқда.

АҚШ ҳарбийлари Бағдод яқинида “Исломий давлат” гуруҳи истеҳкомларини ҳаводан ўққа тутди. АҚШ ҳарбийлари пойтахт Бағдод яқинида жангари гуруҳ позицияларини биринчи марта нишонга олмоқда.

АҚШ Марказий қўмондонлиги иккита ҳаво рейди 14 ва 15 сентябрь кунлари Синжар шаҳри яқинида ҳамда Бағдод ташқарисида жангариларга қарши ҳужум бошлаган Ироқ кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган.

Бу ҳаво зарбалари ўтган ҳафта АҚШ Президенти Барак Обама эълон қилган “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қарши ҳужумга ўтиш стратегисининг бир қисмидир.

Марказий қўмондонликнинг билдиришича, ҳаво зарбалари натижасида “Исломий давлат”га қарашли олтита машина ҳамда жангарилар позицияларидан бири йўқ қилинган.

Кеча Парижда ўтган халқаро конференцияда 30га яқин давлат вакиллари Бағдод ҳукуматига “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда “тегишли йрдам” беришга келишиб олди.

“Исломий давлат” гуруҳи Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни ўз назоратига олган ва АҚШ Марказий разведка бошқармаси ҳисоб-китобларга кўра, гуруҳ сафида 31.500 жангари бор.