Косовода 15 нуфузли имом қўлга олинди

Косово полицияси "Ислом бирлиги" ҳаракати биноси олдига Фауд Рамичини ҳибс қилиш учун келган пайт.

Косовода этник албанларнинг “Исломий давлат” гуруҳидаги иштирокини ва мазкур гуруҳга одам ёллаш имкониятларини чеклаш мақсадида ўтказилган махсус амалиёт пайтида 15 нуфузли имом қўлга олинди.

Косово раҳбарияти Озодлик радиосига қўлга олинганлар орасида мамлакатдаги энг катта Приштина масжиди имоми Шефкет Красничи ҳам борлигини билдирди. Бундан ташқари “Ислом бирлиги” ҳаракати лидери Фауд Рамичи ҳам ҳибс қилинган.

Қўлга олинганларга Косоводаги конституциявий тартиб ва хавфсизликка таҳдид солиш айблови билдирилган.

Август ойида Косовода ёшларни бир қатор жанггари гуруҳларга ёллаганликда гумонланган 40 одам қамоққа олинган эди.