АҚШ Афғонистонда ҳокимият учун даъвогарлар муросага келганини олқишлади

Афғонистон Бош вазири Абдулоҳ Абдуллоҳ ва Президенти Ашраф Ғани.

Оқ уй Афғонистонда ҳокимиятни бўлишиш битимга эришилганини олқишлади. Президент сайлови ортидан бир неча ой давом этган бўҳронга нуқта қўйган битимга кўра, Ашраф Ғани президент бўлади, унинг рақиби Абдулоҳ Абдуллоҳ эса, янги яратилган ижроия ҳокимият раҳбари лавозимини эгаллайди.

Битим имзоланишидан бир неча соат ўтиб, Афғонистон сайлов комиссияси Ғанини сайлов ғолиби, деб эълон қилди, лекин якуний ҳисоб натижаларини очиқламади.

Битимни олқишлаган Оқ уй баёнотида “демократик жараёнга нисбатан ҳурмат” Афғонистон ривожи учун ягона йўлдир, дейилади.

Нью Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгаши тарқатган баёнотда “Афғонистон презилент сайлови жараёни якунлангани” олқишланиб, аъзо давлатлар янги “Миллий бирдамлик ҳукумати” билан бирга ишлашга тайёрлиги билдирилган.

НАТО иккала етакчи “ҳақиқий сиёсий ҳамкорлик руҳида” биргаликда ишлай олишига умид билдирди.