Тожикистон президенти саройи қўриқчиси қорамол ўғирлашда айбланди

Тожикистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходими аҳоли қорамолларини ўғирлаб, қассобларга сотганликда айбланмоқда.

Қўрғонтепа шаҳридаги ҳарбий горнизон суди ходимининг Озодликка айтишича, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон резиденцияси - "Миллат саройи" қоровули бўлган Р. Маҳмудов ва Мўминобод Ёнғин хавфсизлиги ходими М. Давлатовлар Хатлон ҳамда унга туташ районлардаги қишлоқларда қорамолларни ўғирлагани факти аниқланган.

Расмий маълумотга кўра, бир ойдан буён ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган маҳкамада давлат қораловчиси хавфсизлик қўмитаси структураларида ишлаган ходимга 4 йилгача қамоқ жазосини сўраган.

Жиноят иши тафсилотларида айтилишича, икковлон Данғара-Сарбанд йўналишидаги трасса бўйлаб ўтлаб юрган аҳоли молларини ўғирлаб, таниш қассобларга пуллаган ва даромадни ўртада бўлишган.

Тожикистон миллий хавфсизлик хизматида ишлаган Р. Маҳмудов ҳар икки кунда бир "Миллат саройи"ни қўриқлаган, ишдан бўш кунларида эса мол ўғирлаган. Жами ўғирланган 14 қорамолдан кўрилган давромад 15 минг АҚШ долларига яқин экани айтилди.