Царнаевнинг суди икки ойга қолдирилди

Жоҳар Царнаев АҚШ матбуотининг диққат марказида қолмоқда.

Чоршанба куни АҚШнинг Бостон шаҳри федрал суди Бостон марофони пайти портлашларни уюштирганликда айбланаётган Жоҳар Царнаевга нисбатан суд жараёнини икки ойга қолдирди.

Суд қарорига биноан Царнаевнинг суди 2015 йилнинг 5 январида бошланади. Суд адвокатлар тергов материаллари билан тўлароқ таниша олиши учун мана шундай қарор қабул қилган.

Адвокатлар эса Бостонда Царнаев ишини ҳолис кўриб чиқадиган суд ҳаъкамларини топиш қийин бўлиши мумкин, деган асосда суд жараёнини Вашингтонгга кўчиришни илтимос қилган эди. Суд бу илтимосни қаноатлантирмади.

Царнаев 2013 йил апрел ойида АҚШнинг Бостон шаҳридаги марафон пайти уч киши ўлимига сабаб бўлган портлашлар бўйича ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади.

Ўша портлашларда 260дан ортиқ инсон яраланганди. Айби исботлангани тақдирда Царнаев ўлимга ҳукм этилиши мумкин.