Европа кенгаши вакили Қрим татарлари аҳволидан ташвишда

Россиянинг Киевдаги элчихонаси олдида қрим татарлари ўтказган норозилик намойишидан лавҳа, 2014 йилнинг 25 сентябри.

Европа кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Нилс Муйжниекс ўзини энг кўп ташвишга солаётган ҳолат шу йил мартида Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан кейин яриморолда қолган қрим татарлари аҳволининг ёмонлиги эканини билдирди.

Бу баёнотни Муйжниекс Европа кенгаши парламент ассамблеясининг 1 октябрь куни Страсбургда ўтган мажлиси чоғида берди.

У қрим татарлари хавфсизлиги юзасидан хавотирлар ниқоб таққан қуролли шахслар диний муассасалар, мактаблар, уйлар ва Қрим татарлари мажлисига қатор рейдлар уюштирганидан кейин кучайганини қайд этди.

Муйжниекс “қурол-аслаҳа ёки экстремистик адабиёт қидириш” баҳонаси билан ўтказилган рейдлар зўравонлик ҳодисаларига ҳечам алоқаси бўлмаган қрим татарларига нисбатан “мутлақо номутаносиб” амалиётлар бўлганини таъкидлади.